Оглавление
- Муқаддима
- Биринчи боб
- Иккинчи боб
- Учинчи боб
- Тўртинчи боб
- Бешинчи боб
- Олтинчи боб
- Еттинчи боб
- Саккизинчи боб
- Тўққизинчи боб
- Ўнинчи боб
- Ўн биринчи боб
- Ўн иккинчи боб
- Ўн учинчи боб
- Ўн тўртинчи боб
- Ўн бешинчи боб
- Ўн олтинчи боб
- Ўн еттинчи боб
- Ўн саккизинчи боб
- Ўн тўққизинчи боб
- Йигирманчи боб
- Йигирма биринчи боб
- Йигирма иккинчи боб
- Йигирма учинчи боб
- Конец ознакомительного фрагмента
Еттинчи боб
Адмирал Луи Авила музейнинг хавфсизлик текшируви нуқтасига етиб келди ҳамда кечикмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун соатига қаради.
“Ҳаммаси режадагидек!”
“Documento Nacional de Identidad” (шахсни тасдиқловчи ҳужжат)нинг кўрсатгач, хизматчилар унинг исмини меҳмонлар рўйхатидан қидира бошлади. "Исмим бўлмаса‐чи", деган хавотир миясидан ўтиб, бир лаҳзага Авиланинг томир уриши тезлашди. Бахтига, унинг исми рўйхатнинг энг охирида – сўнгги дақиқада қўшилганлар орасидан топилди ва ичкари киришига рухсат берилди.
“Регент ваъдасининг устидан чиқди.” Айтишларича, меҳмонлар рўйхати пўлат сандиққа солингандек сақланаркан. Регент қай тарзда унинг исмини тиркаб қўйгани Авилага қоронғи эди, буни кўп ўйлаб ҳам ўтирмади. “Регент айтганини доим бажарган, ахир.”
Авила металл аниқловчи ускунага яқинлашиб, мобил телефонини махсус идишга солди. Кейин ўта эҳтиёткорлик билан костюми чўнтагидан ноодатий оғир бўлган тасбеҳ доначаларини чиқариб, телефонининг устига қўйди.
“Эҳтиёт бўлиш керак, – деди ўз-ўзига, – жудаям эҳтиёт бўлиш керак”.
Металл детекторнинг нариги томонида турган соқчи Авилага қўлини силкиб, ўтиш ишорасини берди. Сўнг шахсий буюмлар солинган идишни ўзига тортди.
– Que rosario tan bonito! – деди соқчи бақувват занжирга зич тизилган катта-катта мунчоқлар ва учига хоч осилган металл тасбеҳга ҳавас билан қараб.
– Gracias, – ташаккур билдирди Авила. “Ўзим ясаганман буни.”
Авила металл аниқловчи қурилмадан ўтиб, қўл телефони ва тасбеҳни идишдан олди, доимги эҳтиёткорлик билан чўнтагига қайта жойлади. Сўнг иккинчи текширув нуқтасига яқинлашди. Бу ерда унга ғалати қулоқчин беришди.
“Менга аудиойўлбошловчи ҳам, аудиотур ҳам керак эмас, қиладиган муҳим ишларим бор”, деб кўнглидан ўтказди у. Музей атриуми бўйлаб юраркан, қулоқчинни ҳеч кимга сездирмай, дуч келган биринчи ахлат қутисига ташлаб юборди.
Авила холироқ жой қидириб, бинони кўздан кечирди. Регентга алоқага чиқди, ичкарига ҳеч қандай муаммосиз кириб олганидан уни хабардор қилиш зарур эди. Офицернинг юраги қафасдаги қушдек потирлай бошлади.
“Барча ҳаракатларим энг аввало Яратган эгам, сўнгра мамлакатим ва қиролим шаъни учун”, дея Авила ўзини тинчлантиришга уринди.
Айни шу маҳал Испаниядан минглаб километр олисдаги Дубай шаҳри атрофида жойлашган бепоён саҳро машъум ҳодисага гувоҳ бўлмоқда эди. Ойнинг кумуш ранг ёғдуси остида қум барханлари аро базўр эмаклаб, олдинга судралаётган кимса яққол кўзга ташланарди. Бутун танасини дош бериб бўлмас оғриқ чулғаб олган бу қария кўпчилик учун мўътабар етмиш саккиз яшар аллома Саид ал-Фадл эди. Ҳарчанд уринмасин, вужудини қоплаган азоб унга ортиқ бир қадам ҳам силжишга изн бермасди.
Ал-Фадлнинг териси куйиб, шилиниб кетган, томоғи шунчалик қуруқшаганидан зўрға нафас оларди. Дайди бўронлар аллақачон унинг кўзларини қум билан тўлдириб, кўриш бахтидан мосуво этган, шунга қарамай, у ҳамон эмаклашга интиларди. Бир гал унинг қулоғига саҳрода юришга мослашган машиналар моторининг товуши чалингандек бўлди, лекин бу шунчаки шамолнинг увиллаши бўлиб чиқди. Худо жонини сақлаб қолишига бўлган ишонч алломани аллақачон тарк этганди. Қузғунлар унинг боши узра ортиқ қанот қоқмас, энди улар ал-Фадлнинг атрофида бемалол айланиб юрарди.
Аллома инсон қадами камдан-кам етадиган саҳрога тасодифан келиб қолмаганди. Ҳаммаси ўтган тунда ал-Фадлга баланд бўйли, номаълум испан ҳужум қилишидан бошланди. Талончи ёши бир жойга бориб қолганидан ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмаган қарияни асир олиб, ўз машинасида шаҳар ташқарисига олиб келди. Номаълум испан йўл-йўлакай чурқ этмай, бирор соатча юргандан сўнг тўхтаб, алломага машинадан тушишни буюрди ва бечора қарияни сувсиз, егуликсиз зулмат саҳро бағрига ташлаб кетди.
Талончи ўзининг кимлигини айтмади, хатти-ҳаракатлари учун ҳеч қандай тушунтириш ҳам бермади. Ал-Фадлнинг кўзи тушган ягона нарса унинг ўнг панжасига туширилган ғалати белги бўлди. Бу белги ал-Фадлга бутунлай нотаниш эди.
Аллома бир неча соат қум оралаб аранг қадам ташлаб, йўл қидирди, ёрдам сўраб беҳуда фарёд урди. Мана энди, сувсизланган гавдаси тупроққа қоришаркан, жони ҳалқумига тиқилганини ҳис қилди ва кечадан бери тинмасдан миясида айланаётган саволни яна бир карра ўзига берди.
“Менинг ўлимим кимга бунчалик керак бўлди экан?”
Шу чоғда ал-Фадл бу саволга фақат бир тўғри жавоб борлигини англаб, даҳшатга тушди.