Оглавление
- Муқаддима
- Биринчи боб
- Иккинчи боб
- Учинчи боб
- Тўртинчи боб
- Бешинчи боб
- Олтинчи боб
- Еттинчи боб
- Саккизинчи боб
- Тўққизинчи боб
- Ўнинчи боб
- Ўн биринчи боб
- Ўн иккинчи боб
- Ўн учинчи боб
- Ўн тўртинчи боб
- Ўн бешинчи боб
- Ўн олтинчи боб
- Ўн еттинчи боб
- Ўн саккизинчи боб
- Ўн тўққизинчи боб
- Йигирманчи боб
- Йигирма биринчи боб
- Йигирма иккинчи боб
- Йигирма учинчи боб
- Конец ознакомительного фрагмента
- Главная
- Дэн Браун
- 📚 Книги
- Происхождение
- Читать фрагмент
- Ўн тўққизинчи бобЎн тўққизинчи боб
Ўн тўққизинчи боб
Адмирал Авила гумбазли театрдаги матоли деворни тутиб турган ҳавозалар олдидан жой топди. Агар бироз эгилиб турса, биров унинг соясини ҳам пайқамасди. У аудиториядаги минбарга яқин девордан бир неча сантиметр узоқда эди, холос.
Авила овоз чиқармай чўнтагига қўл солиб, тасбеҳ доналарини чиқарди.
“Фурсатни бой бермаслик ҳаммасини ҳал қилади.”
Тасбеҳ доналарини пайпаслаб, у оғир металл хочни топди ва металл детектори ёнидаги соқчилар ҳеч шубҳаланмай, бу буюмни ичкарига ўтказишганидан ажабланди.
Адмирал Авила хоч ичига яширилган устара тиғидан фойдаланиб, мато‐деворни бир неча сантиметр қирқиб тешик очди ва эҳтиёткорлик билан бошқа дунёга – ёстиққа ёнбошлаганча самога тикилиб ётган юзлаб меҳмонларни бағрида жамлаган дарахтзор ўтлоққа кўз қирини ташлади.
“Олдинда нималар бўлишини улар тасаввур ҳам қилолмайди.”
Авила ўтлоққа қарама‐қарши тарафда, залнинг ўнг бурчагидаги Қироллик гвардиясининг икки қўриқчисини кўриб, мамнун бўлди. Соқчилар дарахт панасида турганча зални диққат билан кузатарди. Аудиториядаги хира ёруғликда улар Авилани кўриши даргумон. Кўрганларида эса кеч бўлади.
Соқчилар олдида музей директори Амбра Видалдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Аёлнинг юз ифодасидан Киршнинг тақдимоти тобора унга ёқмаётгани сезиларди.
Топган жойидан кўнгли жойига тушган Авила тешикни ёпди ва қўлидаги хочга диққатини жамлади. Бир қарашда бу хоч бошқаларидан фарқ қилмасди. Лекин бундаги икки ёнбош қўлча асосий устунга магнит ёрдамида маҳкамланган бўлиб, исталган вақт уларни ажратиш мумкин эди.
Авила хочнинг битта қисмини ушлаб, куч билан босганди, у иккига бўлиниб, ёнбош қўлча ажралиб, ичидан кичкина нарса юмалаб тушди. Авила хочнинг иккинчи қўлини ҳам шундай қилиб узиб олди. Натижада, хоч қўлсиз қолиб, оғир занжирга осилган оддий тўртбурчак металл шаклига кирди.
Авила тасбеҳни қайта чўнтагига солиб қўйди: "Шуниси хавфсизроқ. Бироздан сўнг улар менга қўл келади." У энди эътиборини хочнинг қўлидан чиққан иккита кичкина буюмга қаратди.
“Яқинлашаётган жанг учун икки ўқ.”
Авила қўлини ортига чўзиб, камари остини пайпаслади ва кўйлаги ичида олиб кирган ихчам буюмни суғуриб олди.
Коди Уилсон исмли америкалик йигитча “Қутқарувчи” – биринчи 3D принтерда полимер тўппончани ясаганига кўп йиллар ўтди. Ўшандан бери қуролсозлик анча ривожланди. Янги керамополимер тўппончалар узоқдан аниқ мўлжалга олиши муаммоли бўлса ҳам, улар бир хусусияти билан афзал эди – керамополимер қуролларни металл детекторларида аниқлаб бўлмасди.
“Имкон қадар яқинроқ боришим керак. Масала ҳал!”
Агар иш кўнгилдагидек кетса, ҳозирги турган ўрни жуда қулай.
Регент қандайдир йўллар билан бинонинг ички тузилиши ва тадбирнинг дастурини топибди. У Авилага вазифани қандай амалга оширишни тушунтириб берди. Тўғри, бераҳмлик бўлиши мумкин. Аммо Эдмонд Киршнинг шаккок гап‐сўзларини эшитиб, Авила бугунги гуноҳлари кечирилишига ишонч ҳосил қилди.
“Душманларимиз уруш очмоқда, – деганди Регент унга. – Бу жангда ўлдирсак ғозий, ўлсак шаҳид бўламиз.”
Аудиториянинг ўнг бурчагида турган Амбра Видал ичида бош кўтарган туғённи биров пайқаб қолишидан хавотирда эди.
“Эдмонд дастурнинг фақат илмий бўлишини таъкидлаганди менга.”
Америкалик футуролог динларга нисбатан нафратини асло яширмаган бўлса ҳам, Амбра бугунги тадбир бунчалик бўлишини хаёлининг кўчасидан ўтказмаганди.
“У тақдимотни олдиндан кўрсатишни истамади.”
Тақдимотдан сўнг Амбра билан музей кенгаши аъзолари ўртасида жиддий муаммолар юзага келиши шубҳасиз. Лекин аёл ҳозир шахсий масала юзасидан кўпроқ хавотирга тушганди.
Бир неча ҳафта муқаддам Амбра тақдимотдаги иштироки тўғрисида нуфузли бир одамга гапириб берди. У одам мазмунидан бехабарлиги етмагандек, яна кимсан Эдмонд Киршдек радикал ташкиллаётган тадбирда қатнашмасликка ундади.
“У дастурни бекор қилишни сўраганди, – эслади аёл. – Лекин унинг хўжайинлик қилиши жаҳлимни чиқариб, айтганига қулоқ солмадим.”
Айни дамда юлдуз тўла само остида ёлғиз тураркан, Амбра ўзидан сўради: “У ҳозир жонли эфирни кузатяптими? Қаердадир, монитор қаршисида бошини чангаллаганча ўтиргандир?”
“Албатта томоша қиляпти, – ўйлади қиз, – қизиқ, энди қандай йўл тутаркан?”
Алмунда черкови. Епископ Вальдеспино компьютер мониторидан кўз узмасдан қотиб ўтирарди. Қироллик саройидаги ҳамма, айниқса, валиаҳд Хулиан жонли эфирни томоша қилаётганига шубҳа йўқ эди.
“Шаҳзода жаҳл отига мингани аниқ.”
Бугун Испаниядаги энг бообрў музейлардан бири америкалик радикал атеист билан ҳамкорлик қилиб, куфр ва насронийликни таҳқирловчи дастурни оммавий эфирга узатмоқда. Тақдимот Испаниянинг энг кўзга кўринган аёли, соҳибжамол Амбра Видал бошчилик қиладиган музейда ўтказилаётгани оловга мой қуйди. Ўтган ойдан бери испан нашрларининг бош саҳифаларидан жой эгаллаб, бутун мамлакат муҳаббатига сазовор бўлган сеньора Видал эришган шуҳратини хавф остига қўйиб, шаккок тақдимотга мезбон бўлиши кутилмаган зарба эди.
“Шаҳзода Хулианнинг расмий баёнот беришдан бошқа чораси йўқ энди.”
Мустақил католик мамлакатининг бўлғуси ҳукмдори бўлгани учунгина эмас, балки шахсий масала юзасидан ҳам Амбранинг бугунги ишларга аралашиб қолгани шаҳзодага жиддий таъсир ўтказарди. Гап шундаки, Амбра Видал қироллик оиласига бегона эмасди. Бир ойча муқаддам, халқ оммасига ошкор этилган қувончли янгилик туфайли мафтункор аёл омма эътирофига тушганди.
Бир ой аввал бўлғуси қирол Бильбао музейи директори Амбра Видал билан унаштирувини эълон қилган эди.