Оглавление
- Муқаддима
- Биринчи боб
- Иккинчи боб
- Учинчи боб
- Тўртинчи боб
- Бешинчи боб
- Олтинчи боб
- Еттинчи боб
- Саккизинчи боб
- Тўққизинчи боб
- Ўнинчи боб
- Ўн биринчи боб
- Ўн иккинчи боб
- Ўн учинчи боб
- Ўн тўртинчи боб
- Ўн бешинчи боб
- Ўн олтинчи боб
- Ўн еттинчи боб
- Ўн саккизинчи боб
- Ўн тўққизинчи боб
- Йигирманчи боб
- Йигирма биринчи боб
- Йигирма иккинчи боб
- Йигирма учинчи боб
- Конец ознакомительного фрагмента
Ўн учинчи боб
Дубай шарқидаги ойдин саҳрода “Қум илони” деб аталувчи саҳро машинаси моторини тариллатганча чапга қайрилиб, қаттиқ тормоз берди. Кўтарилган қум зарралари унинг чироқлари ёруғида рақс тушарди гўё.
Машина рулида ўтирган ўсмир йигит кўзойнакларини ечиб, сал бўлса уриб кетаёзган алланимани кўриб қўрқиб кетди ва дарҳол машинадан тушиб, қум устида ётган қора шарпага яқинлашди.
Ҳа, у адашмаган эди.
Машина чироқлари юзини қум босган, қилт этмай ётган одам танасини ёритиб турарди.
– Марҳаба? – чақирди йигитча. – Саломатмисиз?
Жимлик.
Ерда ётган одамнинг кийимлари – миллий дўппи ва кенг тоуб унинг эркак кишилигини билдирарди. Миқти ва бақувват бу киши қандай қилиб очиқ саҳронинг ичкарисига келиб қолгани болани ажаблантирди.
– Марҳаба? – қайтарди у яна.
Жавоб бўлмади.
Нима қилишни билмай боши қотган йигит оёғи билан эркакнинг ёнбошига туртди. Тана ҳаддан ташқари таранг ва қаттиқ туюлди, қуёш ва шамол уни қуритиб юборганди.
“Жони узилибди.”
Йигит эгилиб эркакнинг елкасидан ушлаб кўтарди ва орқалади. Ҳаёт нури сўнган кўзларини самоларга тикканча жони узилган бу одамнинг юзи ва соқолини қум қоплаган, лекин шу кўринишда ҳам унинг чеҳрасидан севимли амаки ёки боболарга монанд самимийлик ёғилиб турарди.
Яқин атрофни яна саҳро машиналари – баггилар моторининг гумбурлаган товуши тутиб кетди. Йигитнинг дўстлари хавотирланиб, қум узра машиналарини сакратганча уни излаб келишганди.
Ҳамма баггисини тўхтатиб, кўзойнак, каскаларини ечди ва кутилмаганда жасаднинг атрофида жам бўлди. Шу пайт тўпланган йигитчалардан бири оҳ тортиб юборди. У вафот этган одам тез‐тез университетида маъруза ўқиб турувчи таниқли олим ва диний раҳнамо – аллома Саид ал‐Фадл эканини таниганди. У ҳаяжон ила билганларини дўстларига сўзлагач, баланд овозда сўради:
– Маза алайна нафъал? (Энди нима қиламиз?)
Болалар айлана бўлиб турганча дамларини чиқармай гоҳ мурдага, гоҳ бир‐бирларига тикилиб туришди. Кейин барча ўсмирлар каби йўл тутишди: ёнларидаги мобил аппаратларини чиқариб, жасадни расмга олишди ва дўстларига бу ҳақда хабар беришни бошлашди.