Оглавление
- Муқаддима
- Биринчи боб
- Иккинчи боб
- Учинчи боб
- Тўртинчи боб
- Бешинчи боб
- Олтинчи боб
- Еттинчи боб
- Саккизинчи боб
- Тўққизинчи боб
- Ўнинчи боб
- Ўн биринчи боб
- Ўн иккинчи боб
- Ўн учинчи боб
- Ўн тўртинчи боб
- Ўн бешинчи боб
- Ўн олтинчи боб
- Ўн еттинчи боб
- Ўн саккизинчи боб
- Ўн тўққизинчи боб
- Йигирманчи боб
- Йигирма биринчи боб
- Йигирма иккинчи боб
- Йигирма учинчи боб
- Конец ознакомительного фрагмента
- Главная
- Дэн Браун
- 📚 Книги
- Происхождение
- Читать фрагмент
- Йигирма иккинчи бобЙигирма иккинчи боб
Йигирма иккинчи боб
Мадриддаги “Palacio Real” Европадаги энг катта ва ҳашаматли қироллик саройи ҳисобланади. Ўн тўққизинчи асрда Мавр қасри ўрнида барпо этилган сарой икки хил – классик ва барокко услубининг энг мафтункор жиҳатларини жамлаган. Қироллик қасри Армериа майдонида жойлашган бўлиб, унинг жимжимадор устунлардан иборат уч қаватли фасади майдон бўйлаб чўзилган. Қаср ичкариси тўрт юз эллик минг квадрат метрни эгаллаб, турли ҳажмдаги 3418 дона хонадан ташкил топган. Ички қисмдаги салонлар, заллар, ётоқхоналар ҳамда коридорлар бебаҳо диний санъат намуналари, жумладан, Веласкес, Гойя ва Рубенсга тегишли дурдона асарлар билан безатилган.
Авлодлар оша бу қаср испан қироллари ва қироличаларининг хос қароргоҳи саналган бўлса‐да, ҳозир сиёсий масалаларни ҳал қилувчи даргоҳга айланган. Қироллик аъзолари эса шаҳар ташқарисидаги осуда гўша – “Palacio de la Sarsuela”да истиқомат қилади.
Лекин сўнгги ойларда Мадриддаги қироллик қасри қирқ икки яшар шаҳзода Хулиан, яъни Испаниянинг бўлғуси қиролининг доимий яшаш жойига айланди. Яқинлашаётган тож кийдириш маросими олдидан Хулиан “халқнинг кўз ўнгида” бўлмоғи зарурлигини таъкидлаб, мураббийлар уни саройга кўчиб ўтишга кўндирганди.
Шаҳзода Хулианнинг отаси, ҳозирги қирол, бир неча ойдан бери сурункали тузалмас дард туфайли тўшакка михланиб қолганди. Қиролнинг ақлий салоҳияти пасая бошлагач, сарой аста‐секинлик билан ҳокимият алмашинувига ҳозирлик кўриб, отаси вафотидан сўнг шаҳзодани тахтга ўтказишга тайёрлана бошлади. Ҳокимият ўзгариши аниқ бўлиб турган паллада испанлар нигоҳини валиаҳд Хулианга қаратди. Барчанинг ўйида бир савол бор эди:
"У қандай бошқараркан?"
Шаҳзода Хулиан ҳамиша вазмин ва мулоҳазали бола бўлган. У бўлғуси вазифалари юкини болалигиданоқ яхши англаган. Хулианнинг онаси иккинчи фарзандига ҳомиладор вақтида эрта туғруқ оқибатида вафот этган. Рафиқаси вафотидан сўнг қирол кўпчиликнинг таажжубига сабаб бўлиб, қайта турмуш қурмади. Натижада, Хулиан испан тахтининг ягона ворисига айланди.
Британия нашрлари шаҳзодани истеҳзо билан “Захирасиз меросхўр” деб атарди.
Хулиан мутаассиб ота тарбиясини олгани сабабли аксар испанлар унинг отаси бошлаган йўлни давом эттиришига ишонарди. Бу эса шаҳзода испан тожининг обрўсини сақлаб қолиш мақсадида қаттиқ тартиб ўрнатиши, турли маросимларни нишонлаши, энг муҳими, испан католикларининг муқаддас анъаналарини ҳурмат қилишидан далолат берарди.
Асрлар давомида католик қиролларининг мероси Испаниянинг ахлоқий суянчи бўлиб келди. Бироқ сўнгги йилларда мамлакатда эътиқод мустаҳкамлиги дарз кетди, Испания жуда эски ва жуда замонавий қарашлар ўртасида бошланган уруш домига тортилди.
Тобора кўпайиб бораётган либераллар ижтимоий тармоқларда ва ўз блогларида воқеалар ривожига баҳо бераркан, шаҳзода Хулиан отасининг соясидан чиқиб, ҳақиқий ўзлигини намоён этишига; жасур, тараққийпарвар ҳамда дунёвий йўлбошчи сифатида бошқа кўплаб Европа мамлакатлари раҳбарларига эргашиб монархияни бутунлай бекор қилишига умид боғлашарди.
Авваллари Хулианнинг отаси қирол сифатида ҳамиша фаол бўлгани туфайли шаҳзоданинг сиёсий масалаларда фикр билдиришига ҳожат бўлмасди. Қирол очиқчасига баёнот бериб, фарзанди оддий болалар сингари яйраб ўсиши кераклиги, то Хулиан уйланиб, улғаймагунча давлат ишларига аралашишидан наф йўқлигини таъкидлаганди. Шу тариқа Хулиан умрининг дастлабки қирқ йили хусусий мактаблардаги ҳаёт, от пойгалари, бирор очилиш маросимида қизил ленталарни қирқиш, хайрия ишлари ва дунё бўйлаб саёҳатлардан иборат бўлганди. Кўзга кўринарли бирор иш қилмаган бўлса‐да, шаҳзода Хулиан ҳамма ҳавас қиладиган шахс эди.
Қирқ икки ёшли келишган шаҳзода учрашиб юрган сон‐саноқсиз аёллардан ҳеч бири чин маънода унинг қалбини забт эта олмади. Аммо сўнгги ойларда шаҳзода бир неча марта бир аёл билан бирга кўринди. Бу аёл ташқи қиёфасидан кетворган моделга ўхшаса ҳам, аслида, жуда ҳурматли шахс – Бильбаодаги Гуггенҳайм музейи директори Амбра Видал эди.
Медиа дарҳол Амбра Видални “замонавий қирол учун энг муносиб жуфт” сифатида ёзиб чиқди. Чиндан ҳам Амбра маданиятли, муваффақиятли, энг муҳими, зодагон оиладан эмас, оддий халқ ичидан чиққан аёл эди.
Шаҳзода Хулиан ОАВнинг фикрига қўшилди чоғи, қисқа муддат ўтиб, кутилмаган ҳамда романтик шаклда Амбрага турмуш қуриш таклифини билдирди ва аёл рози бўлди.
Кейинги ҳафталар давомида нашрлар Амбра Видалнинг кундалик ҳаёти тўғрисида саноқсиз хабарлар чоп этди. Улар аёлнинг нафақат соҳибжамол, балки ақлий салоҳият бобида ҳам тенгсиз эканини билдирарди. Испаниянинг бўлғуси қироличаси эканига қарамай, Амбра Қироллик гвардиясининг кундалик хизматини рад этиб, фақат катта тадбирлар маҳали кам сонли қўриқчилар ёрдамидан фойдаланишга рози бўлди. Бу билан у ўзининг мустақил ва эркин аёл эканини кўрсатарди.
Бошқа сафар Қироллик гвардияси командори Амбрага очиқ‐сочиқ кийинишни йиғиштириб, олий элитага монанд консерватив усулда либос танлаши кераклигига шама қилди. Бунга жавобан Амбра, ўзини йўқотмасдан, истеҳзо билан “Қироллик Гвардероби командори менга ҳайфсан эълон қилди”, деди. Аёлнинг дадиллиги халқ эътиборини қозонди.
Либерал журналлар муқовасини “Амбра! Испаниянинг гўзал келажаги!” деган ёзув остида аёлнинг жозибадор чеҳраси безаб турарди. Амбра интервью беришдан бош тортса, “мустақил”, интервью беришга рози бўлса, “киришимли” деб эътироф этишарди.
Консерватив журналлар, ўз ўрнида, аёлни ҳокимиятга ўч авантюрист сифатида кўриб, бўлғуси қиролга салбий таъсири тўғрисида эринмасдан ёзарди. Исбот сифатида Амбранинг шаҳзодага нисбатан енгилтак муносабатда бўлишини келтирарди.
Биринчи муаммо шунда эдики, Амбра шаҳзода Хулианга қироллик таомилига кўра Дон Хулиан ёки суальтеза деб мурожаат қилмасди, шунчаки Хулиан деб чақирарди. Бу эса ҳурматсизлик белгиси ҳисобланарди.
Иккинчи муаммо анча жиддийроқ эди. Сўнгги ҳафталар ичида Амбранинг иш жадвали тиғизлашиб кетганидан шаҳзодага умуман вақт ажратолмади. Шу ўринда, аёлни бир неча марта Бильбаода, музей яқинида таниқли атеист – америкалик технолог Эдмонд Кирш билан тушлик қилаётганини кўришган.
Гарчи Амбра бу шунчаки иш юзасидан учрашув бўлганини тушунтирса ҳам, музей ичидан келган ишончли хабарларни эшитиб, Хулианнинг рашкдан қони қайнади.
Бунинг учун ҳеч ким уни айбламади.
Унаштирувдан бир неча ҳафта ўтгач, шаҳзоданинг бўлғуси рафиқаси вақтининг кўп қисмини бошқа эркак билан ўтказаётгани айни ҳақиқат эди.