Ўн олтинчи боб

Будапешт. Раввин Кёвеш házikó – хосхонасида асабий у ёқдан-бу ёққа юрарди. У телевизор пультини чангаллаганча каналларни тез‐тез ўзгартираркан, хавотир ила епископ Вальдеспинодан хабар кутарди.

Телевизордаги кўп каналлар одатий дастурлар тартибини ўзгартириб, сўнгги ўн дақиқадан бери эътиборини Гуггенҳаймдаги намойишни жонли эфирда узатишга киришганди. Шарҳловчилар Киршнинг муваффақиятларини қизғин муҳокама қилиб, бугунги тадбирдаги сирли эълон ҳақида тахминлар билдиришмоқда эди. Одамлардаги чексиз қизиқишни кўриб Кёвешнинг қошлари чимирилди.

“Бу янгилик мен учун сир эмас.”

Уч кун муқаддам Эдмонд Кирш тақдимотининг хомаки нусхасини Монсеррат тоғида Кёвеш, Саид ал‐Фадл ҳамда Вальдеспино учун намойиш қилганди. Ҳозир бутун дунё ўша кунги дастурни кўриш арафасида турганига Кёвешнинг иймони комил эди.

“Бугун ҳамма нарса ўзгаради”, алам билан ўйлади Кёвеш.

Жиринглаган телефон унинг хаёлларини тўзғитиб юборди. Кёвеш гўшакка ёпишди.

– Иеҳуда, менда яна ёмон хабар бор, – епископ салом‐аликни йиғиштириб, ташвишли оҳангда гап бошлади ва титроқ овозда Бирлашган Араб Амирликларидан келган мудҳиш хабарни айтди.

Бўлган воқеани эшитиб, Кёвеш даҳшатга тушди:

– Нималар деяпсиз… Аллома ал‐Фадл… ўз жонига қасд қилди???

– Шундай деб тахмин қилишмоқда, ҳар ҳолда. У бироз вақт олдин саҳро ичкарисидан топилган… худди ўлиш учун у ерга ўз оёғи билан боргандек, – Вальдеспино бир зум тин олди. – Охирги кунларда содир бўлган ҳодисалар юкини кўтара олмагандир балки…

“Ал‐Фадл ростдан ўзини ўлдирдими?” Кёвеш унинг ўрнига ўзини қўйиб кўриб, юраги сиқилди. Киршнинг кашфиёти қанчалик дахлдор бўлмасин, аллома ал‐Фадл ночорликдан ўз жонига қасд қилиши ғирт сафсата бўлиб туюлди.

– Бу ерда нимадир ёпишмаяпти, – фикрини билдирди Кёвеш. – Аллома бундай ишга қодирлигига ишонмайман.

Орага жимлик чўкди.

– Тўғри, – тилга кирди Вальдеспино, – у ўзини ўлдирганига шубҳам бор.

– Унда… Ким жавобгар унинг ўлимига?

– Эдмонд Киршнинг кашфиёти сирлигича қолишини истаган ҳар қандай одам, – жавоб берди епископ ўйлаб ўтирмай. – Биз каби Киршнинг тақдимоти бир неча ҳафтадан кейин, деб ишонган одам.

– Аммо Кирш кашфиёт ҳақида биздан бошқа ҳеч ким хабардор эмаслигини айтганди‐ку! – эътироз билдирди Кёвеш. – Сиз, аллома ал‐Фадл ва мен билардик, холос.

– Кирш алдаган бўлса‐чи, қаердан биласиз? Майли, Кирш янгилигини фақат учаламизга айтган ҳам дейлик. Дўстимиз ал‐Фадл бу тўғрида оммага ошкор қилишни истагани ёдингиздами? Балки аллома янгиликни Амирликлардаги бирор ҳамкасбига айтиб қўйгандир. Балки ўша ҳамкасб худди мендек Киршнинг топилмаси хавфли оқибатларга олиб келишини англагандир.

– Нимага шама қиляпсиз? – жаҳл билан деди раввин. – Ал‐Фадлнинг оғзини юмиш учун уни ўлдиришга буйруқ берилганигами? Ғирт бемаънилик бу!

– Раввин, – босиқлик билан жавоб қайтарди епископ. – Нима бўлганини аниқ билмайман. Сиз каби ҳар хил жавобларни тахмин қилиб кўряпман.

Кёвеш чуқур нафас олди:

– Узр сўрайман. Саиднинг энди орамизда йўқлигини ҳануз қабул қилолмаяпман.

– Мен ҳам. Агар Саид ростдан билган маълумоти сабаб ўлдирилган бўлса, биз ҳам ўзимизга эҳтиёт бўлмоғимиз даркор. Иккаламиз навбатдаги нишонга айланишимиз мумкин.

Кёвеш бир муддат ўйга толди.

– Янгилик оммага етиб борганда, бизни ўлдиришларига ҳожат қолмайди.

– Тўғри. Лекин ҳали эълон қилинмади.

– Зоти олийлари, тақдимот бир неча дақиқадан сўнг бошланади. Ҳамма каналдан кўрсатишяпти.

– Ҳа… – уҳ тортди Вальдеспино. – Дуо ва илтижоларим бесамар кетганга ўхшайди…

Кёвеш ажабланди: “Ростдан ҳам епископ Худодан Киршнинг фикрини ўзгартиришини сўраб дуо қилдимикан?”

– Кашфиёт дунёга эълон қилинса ҳам, – давом этди Вальдеспино, – биз хавфдан холи бўлмаймиз. Кирш уч кун аввал диний раҳнамолар билан маслаҳатлашгани тўғрисида мамнуният билан гапириб берса керак. Кирш ростдан ҳам ахлоқий бурч ундови ила биз билан учрашганига энди шубҳаланяпман. Хуллас, агар у исмларимизни айтса, иккаламиз ҳам қаттиқ текширув ва танқид остида қоламиз. Кашфиёт оммага ёйилишининг олдини олмаганимиз учун айбдор қилишади. Кечирасиз, лекин мен… – епископ яна нимадир демоқчи бўлиб иккиланди.

– Нима демоқчисиз, епископ? – сўради Кёвеш.

– Кейинроқ муҳокама қиламиз. Киршнинг намойишини кўргач, сизга қайтиб қўнғироқ қиламан. Унга қадар, илтимос, ташқарига чиқа кўрманг. Эшикларингизни тамбалаб олинг, ҳеч ким билан гаплашманг. Раввин, ўзингизни эҳтиёт қилинг.

– Мени қўрқитяпсиз, Антонио.

– Бошқа иложим йўқ, – жавоб қайтарди Вальдеспино. – Дунё бу янгиликни қандай кутиб олишини кузатиб ўтиришимиз қолди, холос. Буёғи Худонинг иродасида.

СкороКнижный режим