Оглавление
- Муқаддима
- Биринчи боб
- Иккинчи боб
- Учинчи боб
- Тўртинчи боб
- Бешинчи боб
- Олтинчи боб
- Еттинчи боб
- Саккизинчи боб
- Тўққизинчи боб
- Ўнинчи боб
- Ўн биринчи боб
- Ўн иккинчи боб
- Ўн учинчи боб
- Ўн тўртинчи боб
- Ўн бешинчи боб
- Ўн олтинчи боб
- Ўн еттинчи боб
- Ўн саккизинчи боб
- Ўн тўққизинчи боб
- Йигирманчи боб
- Йигирма биринчи боб
- Йигирма иккинчи боб
- Йигирма учинчи боб
- Конец ознакомительного фрагмента
Ўн тўртинчи боб
Минбар атрофидаги меҳмонлар билан елкама‐елка тураркан, Роберт Лэнгдон LCD экранда акс этган рақамларнинг борган сари ошиб бораётганини ҳайратланиб кузатарди.
Бизни кузатаётган томошабинлар сони:
2,527,664 та
Унча катта бўлмаган залдаги уч юздан ортиқ одамнинг гап‐сўзлари қоришиб, умумий гувиллаган товушга айланганди, уларнинг айримлари бошланажак томоша ҳақида тўлқинланиб гапирар, бошқалари эса яқинларига қўнғироқ қилиб сўнгги янгиликлардан хабардор қилар, бу тўғрида ”Facebook”, “Twitter” каби тармоқларда янгидан янги постларни қолдирарди.
Ниҳоят, техник ходим минбарга кўтарилди ва микрофонни созлади:
– Хонимлар ва жаноблар, аввалроқ сизлардан мобил аппаратларингизни ўчириб қўйишингизни сўраган эдик. Энди ижозатингиз билан биз барча Wi‐Fi ва мобил алоқа тизимларини тақдимот якунлангунча блоклаймиз.
Кўплаб меҳмонларнинг телефондаги гапи тугамасидан алоқа узилиб қолди. Йиғилганларнинг аксарияти ташқи дунё билан ҳамма алоқаларни бирдан узиб ташлашга қодир cеҳрли кучга гувоҳ бўлгандек турарди.
“Бу мўъжизани беш юз доллар эвазига исталган электр жиҳозлари дўконидан топиш мумкин.” Ҳарвард университетининг бир неча профессорлари қатори Лэнгдон ҳам мобил алоқани тўсишга мўлжалланган технологиядан кўп фойдаланарди. Бу ускуна маъруза залларини “ўлик ҳудуд”га айлантириб, дарс давомида талабаларнинг телефонга чалғишига имкон бермасди.
Елкасига катта камера осган оператор минбар рўпарасига бориб жойлашди. Зал чироқлари хиралашди.
LCD экранлардаги ёзув ҳар сония янгиланиб турарди:
Жонли эфир 38 сониядан сўнг бошланади
Бизни кузатаётган томошабинлар сони:
2,857,914 та
Лэнгдон чуқур ҳайрат ичида қолди. Томошабинлар сони АҚШ миллий қарзидан ҳам тезроқ кўпайиб бораётгандек эди. Яқин уч миллион одам бу ерда ўтказилажак жонли тақдимотни кузатиш учун уйидаги телевизор қаршисида ўтиргани профессорнинг ақлига сиғмасди.
– Ўттиз сония! – мулойим овозда эълон қилди техник.
Шу пайт минбар орқасидаги кичик эшик очилди. Одамларнинг нафаси ичига тушиб кетди. Барча буюк Эдмонд Киршнинг кўринишини интиқиб кута бошлади.
Аммо Эдмонддан дарак бўлмади.
Эшик ўн сонияча очиқ турди.
Ва кутилмаганда эшикда Эдмонд Киршнинг ўрнига бошқа, башанг кийинган бир аёл пайдо бўлди ҳамда минбарга қараб юрди. Аёл чиндан ҳам соҳибжамол эди – баланд бўйи, келишган қадди‐қомати, узун қора сочлари унга бетакрор жозиба бағишлар, танасига ёпишган қора чизиқли оппоқ кўйлаги унга янада латофат қўшарди. У гўё оҳиста сузаётгандек саҳна марказига етиб борди, микрофонни созлаб, чуқур нафас олди ва томошабинларга ширин табассум ҳадя қилганча охирги сониялар ўтишини кутди.
Жонли эфир 10 сониядан сўнг бошланади
Аёл диққатини жамлаб олмоқчидек кўзларини бир лаҳза юмди, сўнг қайта очиб хотиржамлик ва ишонч ила залга боқди.
Оператор бешта бармоғини кўтарди.
“Тўрт… Уч… Икки…”
Залга сув қуйгандек жимлик чўкди. Аёл камерага қараркан, LCD экранда унинг жонли тасвири намоён бўлди. У тўқ қора кўзларини томошабинларга қадади ва зайтунранг ёноғига тушиб турган бир тутам сочини назокат билан йиғиштирди.
– Барчага хайрли оқшом, – соҳибжамол енгил испанча талаффуз билан инглиз тилида сўз бошлади. Унинг овози маданиятли ва мулойим жарангларди. – Менинг исмим Амбра Видал.
Зал қарсаклар зарбидан ларзага келди. Йиғилганларнинг кўпчилиги аёлни яхши таниши кўриниб турарди.
– ¡Felisidades! – қичқирди кимдир оломон ичидан. – Табриклаймиз!
Аёлнинг ёноқларига қизил югурди. Лэнгдон ниманидир ўтказиб юборганини ҳис қилди.
– Хонимлар ва жаноблар, – аёл ўзини қўлга олиб, давом этди. – Мен беш йилдан бери мана шу Гуггенҳайм музейи директори лавозимида хизмат қиламан ва бугун энг кўзга кўринган инсон томонидан ташкилланган махсус кечада сизларни кўрганимдан мамнунман.
Залда яна гуррос қарсаклар янгради, бу сафар Лэнгдон ҳам уларга қўшилди.
– Эдмонд Кирш музейимизнинг саховатли ҳомийсигина эмас, балки ҳақиқий дўстига айланган. Бугунги оқшомни ташкиллаш масаласида жаноб Кирш билан бир неча ой яқиндан ишлашга муваффақ бўлганим мен учун улкан шараф ва ифтихордир. Ҳозиргина ижтимоий тармоқларни текширдим: бутун дунё бу ҳақда гапирмоқда. Аксариятингизга яхши маълум, тадбирда Эдмонд Кирш улкан илмий кашфиёти ҳақида эълон қилишни режалаган. Жаноб Киршнинг фикрича, бу кашфиёт унинг инсоният ривожланиши учун қўшган энг катта ҳиссаси сифатида тарихда қолади.
Хона бўйлаб ҳаяжонли шивир‐шивир бошланди.
Соҳибжамол аёл шўх табассум қилди:
– Очиғи, Эдмонднинг пойига тиз чўкиб, кашфиётининг нимадан иборатлигини айтишини сўрадим. Бахтга қарши, у янгиликни айтиш тугул, ҳатто учини ҳам чиқармади.
Залдагиларнинг кулгиси қарсакларга қўшилди.
– Бугунги махсус тадбир, – давом этди аёл, – жаноб Киршнинг она тили – инглизчада олиб борилади. Бизни онлайн томоша қилаётганлар учун эса йигирмадан ортиқ тилда синхрон таржима қилиниб, тўғридан‐тўғри узатилади.
LCD экрандаги тасвир ўзгариб, Амбра жилмайганча давом этди:
– Агар орангизда кимдир ҳалиям Эдмондга ишонмаётган бўлса, экранга эътиборини қаратсин. Бу пресс‐релиз ўн беш дақиқа аввал дунё бўйлаб ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари орқали тарқатилган.
Лэнгдон экранга қаради.
Бугун: Жонли эфир 20:00 CEST
Футуролог Эдмонд Кирш замонавий илм‐фан қиёфасини буткул ўзгартиришга қодир кашфиётини ошкор қилади.
"Мана, қандай қилиб бир неча дақиқа ичида миллионлаб томошабин йиғдинг", деб ўйлади Лэнгдон. У эътиборини минбарга қайта қаратди ва девор панасида турганча томошабинларни диққат билан кўздан кечираётган иккита қўриқчини пайқаб қолди. Лэнгдонни қўриқчилар эмас, улар кийиб олган камзулга туширилган ҚГ ҳарфлари таажжубга солди.
“Қироллик гвардияси? Қиролнинг шахсий қўриқчилари нима қилиб юрибди бу ерда?”
Қироллик оиласи аъзоларидан кимдир тақдимотда қатнашаётганига ишониш қийин: садоқатли католик бўлган қироллик оиласи Эдмонд Киршдек радикал атеист номи билан боғлиқ жойлардан узоқроқ юриши турган гап эди.
Испаниядаги сиёсий тузум парламентар монархия бўлгани туфайли қирол ҳукмронлиги расман чекланганди. Шунга қарамай, у халқининг юраги ва онгини бошқара олиш қудратига эга эди. Миллионлаб испанлар учун қирол бой католик анъанаси – los rees católicос ва Испаниянинг олтин асри рамзи ҳисобланарди. Мадриддаги қироллик саройи католиклар учун ҳанузгача маънавий етакчи ҳамда узоқ йиллик мустаҳкам эътиқодга қўйилган ҳайкал вазифасини ўтарди.
“Парламент бошқаради, қирол эса ҳукмронлик қилади” деган иборани Испанияда Лэнгдон кўп эшитганди. Асрлар давомида Испаниянинг ташқи дипломатик алоқаларини назорат қилган қиролларнинг ҳаммаси консерватив католик эди. “Ҳозирги қирол ҳам бундан мустасно эмас”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон қиролнинг чуқур диний эътиқоди ва католик қадриятларига содиқлиги ҳақида ўқиганлари ёдига тушиб.
Бир неча ойдан бери ёши бир жойга борган монарх тўшакка михланиб, умри тугаётгани ҳақида айтиларди. Бутун мамлакат қиролнинг ягона ўғли – Хулианнинг тахтга ўтиришига тайёргарлик кўрмоқда эди. ОАВ маълумотларига кўра, шаҳзода Хулиан шу вақтгача отасининг соясида, омма кўзидан узоқда кун кечирган. Мана энди, халқ унинг қандай бошқарувчи бўлиши ҳақида баҳс бойлаб ётибди.
“Наҳотки, шаҳзода Хулиан Эдмонднинг намойишига агентларини юборган бўлса?” Лэнгдоннинг қулоғи остида епископ Вальдеспинонинг таҳдидли гаплари янгради. Кўнглида уйғонган хавотирга қарамай, Лэнгдон залдаги муҳит дўстона, завқ‐шавққа тўла ва хавфсиз эканини ҳис қилди. У шогирдининг бугунги хавфсизлик жуда мустаҳкамлиги ҳақида айтганларини эслаб, Испан Қироллик гвардияси қўшимча ҳимоя бўлса керак, деган қарорга келди.
– Эдмонд Киршнинг театр томошаларига ишқибозлигидан хабардорлар, – Амбра Видал гапини давом эттирди: – У бизни бу бўм‐бўш хонада узоқ ушлаб турмаслигини яхши билади, – аёл залнинг нариги бурчагидаги қўшалоқ эшикка яқин борди. – Мана шу эшиклар ортида Эдмонд Кирш ўзининг мультимедиа тақдимотини эътиборингизга ҳавола этиш учун “Тажриба фазоси”ни яратди. У ер тўлиқ компьютерлар томонидан бошқарилади ва намойиш бутун дунёга жонли узатилади.
Аёл тилла соатини текширгач, изоҳ берди:
– Тадбиримиз вақти ҳар бир дақиқасигача режаланган. Роппа‐роса саккизу ўн бешда бошлашимиз зарур. Ҳозир саккизу ўн тўрт. Демак, атиги бир дақиқамиз қолибди, – у қўли билан қўшалоқ эшикка ишора қилди: – Демак, хонимлар ва жаноблар, ичкарига марҳамат қилинг ва Эдмонд Кирш тайёрлаган ажойиботлардан баҳраманд бўлинг.
Амбранинг гапи тугаши билан қўшалоқ эшик ланг очилди.
Лэнгдон бошқа бир галерея кўришни тахмин қилиб, ичкарига назар солди ва кўрганларидан баттар ҳайратланди. Эшик ортида қоп‐қоронғи туннель кўзга ташланарди.
Меҳмонлар тўдаси ҳаяжон ичра туннель сари интиларкан, адмирал Авила шошмасликка қарор қилди. Йўлак қоронғилигини кўриб қалби ёришди.
“Зулмат менинг ишимни осонлаштиради.”
У чўнтагидаги тасбеҳларни эҳтиёткорлик билан ушлаб, диққатини жамлашга уринди. Бироз аввал берилган топшириқ тафсилотларини таҳлил қила бошлади.
“Вақт ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.”