Ўн бешинчи боб

Қўш эшик ортидаги туннелнинг кенглиги чамаси олти метр эди. Унинг деворлари қалин қора мато билан қопланиб, оёқ остига ҳашаматли гилам тўшалганди. Девор пойдевори бўйлаб икки қатор қилиб ўрнатилган чироқлар тизмаси туннелдаги ягона ёруғлик манбаи эди.

– Илтимос, оёқ кийимларингизни ечсангиз, – назокат билан сўради музей хизматчиси янги етиб келганлардан. – Уларни ечиб, қўлингизга олинг.

Лэнгдон дабдабали чарм туфлисини ечиб, юмшоқ гиламга пайпоқчан оёқ қўйган заҳоти танаси роҳатдан яйраб кетди. Атрофдан бошқа меҳмонларнинг ҳам ҳузурланиб оҳ тортгани эшитилди.

Туннель ичра оҳиста юраркан, Лэнгдон олдинда чегара вазифасини ўтаётган қора пардага кўзи тушди. У ерда бир нечта музей хизматчилари етиб келган меҳмонларни кутиб олиб, уларга қалин сочиқ тутқизар, сўнг парда ортига кузатиб қўярди.

Бироз олдин туннель ичини қоплаган меҳмонларнинг ҳаяжонли шивир‐шивири тиниб, ўрнини ноаниқ сукунат эгаллади. Лэнгдон пардага яқинлашганда хизматчи унга ҳам тахланган мато тутқазди. Мато аслида сочиқ эмас, балки бир учига ёстиқ тикилган кичикроқ чойшаб экан. Лэнгдон хизматчига миннатдорлик билдириб, парда орқали ичкарига кирди ва қаршисида пайдо бўлган манзарадан тили калимага келмай қолди.

Гарчи Лэнгдон парда ортида нима борлиги ҳақида тасаввурга эга бўлмаса ҳам, ҳозирги манзарага дуч келишини умуман кутмаганди.

“Биз… шаҳар ташқарисидамизми?”

Лэнгдон айни дамда ўзини бепоён даланинг бир четида кўрди. Унинг боши узра қоронғи самода юлдузлар милтираб турар, олисроқдаги заранг дарахти тепасида кўтарилаётган янги ой кумушранг нур таратарди. Чигирткаларнинг чириллаши атрофни тўлдириб, оёқ остидаги майсаларнинг ифорига қоришган майин шабада Лэнгдоннинг юзини силарди.

– Жаноб, – шивирлади хизматчи унинг қўлидан тутиб йўл бошларкан, – марҳамат, ўзингизга муносиб жой топиб, чойшабни тўшанг ва намойишдан роҳатланинг.

Кўраётганларидан бирдек ҳаяжонланган томошабинларга қўшилиб, Лэнгдон ҳам дала оралаб юра бошлади. Йиғилганлар бепоён ўтлоқ бўйлаб ўзларига қулай жой топар, қўлларидаги чойшабларни майса устига тўшарди. Текислаб қиртишланган ям‐яшил ўтлоқ хоккей аренаси катталигида бўлиб, атрофи шабадада тебраниб турган дарахтлар, қамишлар билан ўралганди.

Бир неча лаҳза ўтиб, Лэнгдон кўриб турган манзараси ҳақиқий эмас, балки бетакрор санъат асари эканлигини англаб етди.

“Мен мукаммал барпо қилинган планетарий ичидаман”, деб ўйлади Лэнгдон энг майда деталларнинг ҳам пухта эътибор билан ишланганидан лол қолиб.

Митти юлдузлар, кумушранг ой, олисдаги тепаликлар узра сузиб юрган булутлар – буларнинг бари аслида проектор ёрдамида туширилган тасвирлар эди. Барглари шитирлаётган дарахтлар ва майсалар – бекам‐кўст тайёрланган ясама нусха ёки яширин тувакларга экилган ҳақиқий ўсимликлар бўлиши мумкин. Хонанинг ўткир бурчакларини яшириш мақсадида чиқарилган тутун худди тунги туман шаклига кириб, табиийдек таассурот уйғотарди.

Лэнгдон чўккалаб, оёғи остидаги майсани пайпаслаб кўрди: ўтлар юмшоқ ва жонлига ўхшаса ҳам, қуп‐қуруқ эди. У қаердадир профессионал спортчиларда ҳам шубҳа уйғотмайдиган янги сунъий газон тўғрисида ўқиганди. Кирш янада илгарилаб кетибди – у яратган майсазорнинг юзаси бир оз нотекис, ғадир‐будур бўлиб, юрганда ҳақиқий тупроқ, ерни эслатарди. Лэнгдон биринчи марта ҳиссиётлари уни алдаган пайтни эслади. Ўшанда у ҳали ёш бола эди. Унинг кичкина қайиқчаси ойдин кўрфаз бўйлаб сузиб кетар, ёнгинасида қароқчилар кемаси замбаракдан ўқ отиб, жанг қиларди. Лэнгдоннинг бола ақли у аслида кўрфазда эмас, балки “Диснейленд”даги “Кариб денгизи қароқчилари” деб аталувчи ерости атракционида эканлигини англамаганди.

Бу оқшомги эффектлар “Диснейленд”дагидан юз минг чандон ҳақиқий кўринади, буни йиғилганларнинг нигоҳидаги завқдан ҳам сезиш мумкин. Эдмонднинг ажойиб планетарийни қурганидан кўра кап‐катта одамларни оёқ кийимини ечтириб, майсазорга ётишга ва очиқ самога тикилишга мажбур қилишнинг уддасидан чиққани таҳсинга сазовор эди.

“Болалигимизда кечқурунлари худди шу тарзда осмонга қараб ётиш ёқарди. Лекин улғайгач, ҳаммасини унутдик.”

Лэнгдон чойшаб тўшаб, бошини ёстиққа қўйди. Унинг танаси майин майсазор ичида эриб кетгандек бўлди.

Боши узра чақнаётган юлдузларга боқиб, Лэнгдон ўзини бир зум ўсмирлигига қайтгандек ҳис қилди. Ярим тунда энг қадрдон дўсти билан “Болд пик” гольф майдонидаги газонда чўзилганча олам сирлари тўғрисида суҳбатлашганлари ёдига тушди. "Балки бугун, – ўйлади Лэнгдон, – Эдмонд Кирш ўшанда дўстим иккимизни ҳайратлантирган олам сирларини очар…"

* * *

Планетарийнинг бурчагидаги майдончада турган адмирал Авила сўнгги марта зални кўздан кечирди ва ҳеч кимга сездирмай, ҳозиргина ичкарига ўтиб киргани – парда томон юриб, туннелга қайтиб чиқди. Туннелнинг қора мато қопланган деворини пайпаслаб, матолар бир‐бирига улаб тикилган жойни топди, иложи борича секинлик билан уни йиртиб, девор ичига сирғалиб кирди ва матони шу турганича қайтиб тикиб қўйди.

Иллюзиялар ғойиб бўлди.

Авила ортиқ бепоён яйловда эмасди.

У катта қисмини ясси шаклдаги пуфак эгаллаган тўртбурчак бўшлиққа кириб қолганди. Хона ичида хона. Авиланинг қаршисидаги театрга ўхшаш гумбазли конструкцияда кабеллар дастаси, чироқлар ҳамда карнайлар ўрнатилган ҳавозалар бор эди. Гумбазга қаратилган ўнлаб видеопроекторлар бирваракайига нур сочиб турарди. Айнан уларнинг шарофати билан майсазорда юлдузли осмон, тепаликлар ва бошқа иллюзиялар гавдаланаётганди.

Киршнинг томоша яратиш иқтидорига Авила тан берди. Аммо бугунги тадбирдаги яна бошқа кутилмаган томошалар футурологнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмагани аниқ эди.

“Ютуққа нима қўйилганини асло унутма. Сен муқаддас урушдаги аскарсан. Сен буюк мақсаднинг бир бўлагисан.”

Авила ўз режасини қайта‐қайта хаёлидан ўтказди ва чўнтагидаги тасбеҳ доналарини олди. Айни шу дам гумбаз шифтидаги карнайлар титраб кетди. Худди Худо тилга киргандек, осмондан гулдираган овоз эшитилди.

– Хайрли кеч, дўстлар. Менинг исмим Эдмонд Кирш.

СкороКнижный режим