Оглавление
- Муқаддима
- Биринчи боб
- Иккинчи боб
- Учинчи боб
- Тўртинчи боб
- Бешинчи боб
- Олтинчи боб
- Еттинчи боб
- Саккизинчи боб
- Тўққизинчи боб
- Ўнинчи боб
- Ўн биринчи боб
- Ўн иккинчи боб
- Ўн учинчи боб
- Ўн тўртинчи боб
- Ўн бешинчи боб
- Ўн олтинчи боб
- Ўн еттинчи боб
- Ўн саккизинчи боб
- Ўн тўққизинчи боб
- Йигирманчи боб
- Йигирма биринчи боб
- Йигирма иккинчи боб
- Йигирма учинчи боб
- Конец ознакомительного фрагмента
Ўн иккинчи боб
Спиралдаги йўлак орқали ташқарига қараб юраркан, Лэнгдоннинг ўй‐хаёллари чалкашиб кетди. Эдмонд билан суҳбати ҳам қизиқарли, ҳам хавотирли бўлди. Киршнинг даъволари қанчалик муболаға бўлмасин, шогирди дунёни ўзгартирадиган ниманидир кашф қилгани аниқ эди.
“Коперник кашфиётидек муҳим топилма нима бўлиши мумкин?”
Ниҳоят, Лэнгдон туннелдан чиқиб олгач, боши айланаётганини ҳис қилди. У полга қўйиб кетган қулоқчинни қайта тақди:
– Уинстон, шу ердамисиз?
Қисқа тиқирлашдан сўнг британча талаффуз эшитилди:
– Салом, профессор. Мен шу ердаман. Жаноб Кирш сизни хизматчилар фойдаланадиган лифтга олиб боришимни сўради, чунки атриумга қайтиш учун вақтимиз жуда оз. У, шунингдек, ичи кенгроқ хизмат лифтимиз сизга ёқишига умид қилди.
– Киршнинг ҳиммати чексиз. У клаустрафобиям борлигидан хабардор.
– Энди мен ҳам буни биламан. Ва ҳеч қачон унутмайман.
Уинстоннинг кўрсатмасига амал қилиб, Лэнгдон ён тарафдаги эшикка қараб юрди, у ердан бетон йўлакка чиқди. Ваъда қилинган лифт кабинаси ҳақиқатан ҳам катта ўлчамли санъат асарларини ташишга мўлжалланган бўлиб, кенггина эди.
– Энг пастки тугмани босинг, – кўрсатма берди Уинстон Лэнгдон лифтга кираркан. – Учинчи қаватга борамиз.
Манзилга етиб келгач, Лэнгдон ташқарига қадам босди.
– Жуда соз, – Лэнгдоннинг боши ичида Уинстоннинг хушчақчақ товуши жаранглади. – Чап тарафингиздаги галереяга юринг. У бизни тўғри намойишлар залига элтади.
Лэнгдон ортиқча гапирмай, антиқа санъат асарлари билан тўлган галерея ичра гипнозлангандек кета бошлади. У йўл‐йўлакай оппоқ деворга вақти‐вақти билан юмшоқ қизил мум парчаларини отаётган пўлат замбарак, симдан тўқилгани учун сузишга яроқсиз қайиқ, силлиқланган металл парчаларидан қурилган шаҳарнинг митти макети каби ажойиб нарсаларни кўрди.
Галереянинг чиқаверишидаги катта ўлчамли нарса Лэнгдоннинг эътиборини шунчалик тортдики, профессор чақмоқ ургандек жойида қотиб қолди.
“Қасам ичаман, – ўйлади у, – бу музейдаги энг ғалати санъат асари бўлса керак.”
Хонанинг бутун эни бўйлаб шифтгача панель ўрнатилган, унда узун чизиқ бўйлаб югураётган ва осмонга сакраётган кулранг бўриларнинг ёғоч ҳайкаллари акс этарди. Ҳаракатланиб, сакраётган бўрилар кўзга кўринмас шиша деворга бориб урилар ва пастга қулаб, ўлик бўрилар уюмини ҳосил қиларди.
– Кўриб турган асарингиз “Тўқнашув” деб аталади, – тушунтирди Уинстон Лэнгдоннинг ҳайратланганини сезгандек. – Девор томон чопаётган тўқсон тўққизта бўри тўда кайфияти, умумқабул қилинган меъёрлардан чиқиб кетишга жасорат етишмаслиги рамзи ҳисобланади.
Лэнгдон бу асарнинг ҳақиқатга нақадар яқинлигидан лол қолди. “Бугун Эдмонд умумқабул қилинган меъёрларни бутунлай парчалаб ташламаса деб қўрқаман.”
– Энди, тўғрига юрсангиз, – деди Уинстон, – анави олмос шаклидаги суратнинг чап томонида чиқиш эшигини топасиз. Бу асар Эдмонднинг энг севимли рассомларидан бирига тегишли.
Олдиндаги ёрқин суратга қараб, Лэнгдон ўзига хос чизиқлар, тиниқ ранглар ва ўйноқи кўзлар кимнинг ижодига тегишли эканини дарҳол сезди.
"Хуан Миро", ўйлади профессор. Унга Барселоналик таниқли рассомнинг худди сюрреалист витражга ишланган ёш болаларнинг расм бўяш китобини эслатувчи ижод намуналари ҳамиша ёққан.
Гарчи Лэнгдон бу асар билан яхши таниш бўлса-да, унинг ёнида бир зум тўхтади, суратнинг бўёқ изи қолмаган теп‐текис юзасини кўриб таажжубланди:
– Бу қайта ишланган нусхами?
– Асло. Бу асл нусха, – жавоб берди Уинстон ғурурланиб.
Лэнгдон яқинроқ борди. Сурат катта принтерда қоғозга босиб чиқарилгани кўриниб турарди.
– Уинстон, бу нусха‐ку. Ҳатто матога ҳам чизилмаган, оддий қоғоз нусха!
– Мен мато билан ишламайман, – деди Уинстон. – Дастлаб виртуал равишда чизаман, сўнг Эдмонд чизганларимни принтердан чиқариб беради.
– Шошманг, – Лэнгдон қулоқларига ишонмади, – Бу суратни сиз чизганмисиз?
– Ҳа, – хижолатомуз кулди Уинстон. – Хуан Миронинг услубига тақлид қилиб кўрдим.
– Тушунарли. Ҳатто рассомнинг имзосини ҳам қўйибсиз – Мирó.
– Ундай эмас. Эътибор берсангиз, мен сўнгги унлига урғу туширмай, Миро деб имзолаганман. Испанчада миро “Мен қарайман” деган маънони билдиради.
“Ақлли фикр”, тан олди Лэнгдон суратдаги ягона кўзга назар солиб.
– Эдмонд мендан автопортретимни чизишни сўраганди. Мана шу ҳосил бўлди.
“Бу сизнинг автопортретингиз, демак”, ўйлади Лэнгдон нотекис чизиқлар тўпламини яна бир бор кўздан кечириб. “Жуда ғаройиб кўринишдаги компьютер экансиз.”
Эдмонд “алгоритмик санъат”, яъни мураккаб компьютер дастурлари ёрдамида санъат намуналарини яратишга қизиқиб қолгани ҳақида Лэнгдон ўқиганди. Бу масала долзарб саволни ўртага ташлади: агар компьютер санъат асари яратса, унинг муаллифи ким бўлади – компьютерми ёки дастурчи? Яқинда Массачусетс технологиялар институтида бўлиб ўтган кўргазмада компьютерлар чизган “Алгоритмик санъат” намуналари намойиш этилди. Бу кўргазма Ҳарвард университети ижтимоий фанлар курси учун янги мавзу очиб берди: санъат бизнинг инсонлигимизни белгилайдими?
– Мен мусиқа ҳам басталаб тураман, – гапни давом эттирди Уинстон. – Сиз учун бирор куй чалиб беришимни Эдмонддан сўрашингиз мумкин, агар қизиқсангиз. Албатта, ҳозир эмас, кейинроқ. Айни вақтда шошилишингиз керак. Намойиш бошланишига оз қолди.
Лэнгдон галереядан шошганча чиқиб, ўзини асосий залга олиб борувчи йўлакда кўрди. Кенг майдоннинг қарама‐қарши тарафида хизматчилар шошганча сўнгги гуруҳ меҳмонларни лифтдан чиқариб, Лэнгдон турган томошалар зали томонга қараб олиб келишаётганди.
– Бугунги дастур саноқли дақиқалардан сўнг бошланади, – деди Уинстон. – Залга кириш эшигини кўряпсизми?
– Ҳа. У рўпарамда турибди.
– Жуда соз. Сўнгги кўрсатма: залга кирганингизда, қулоқчинларни ташлаш учун мўлжалланган қутиларни кўрасиз. Эдмонд сиздан қулоқчинингизни ташламасдан, ёнингизда сақлашингизни сўради. Мана шу билан тақдимот тугагач, сизни орқа эшикдан, тиқилинчга қолмай музейдан олиб чиқишга кўмаклашаман, сиз эса бемалол такси ушлайсиз.
Лэнгдоннинг кўз олдига Эдмонд визиткасига ёзиб, такси ҳайдовчисига кўрсатишини тайинлаган ҳарфлар ва рақамлар келди.
– Уинстон, Эдмонд менга BIO ES346 деб ёзиб берди ва бу жудаям осон код эканлигини айтди.
– У ҳақ, – дарҳол жавоб қайтарди Уинстон. – Энди эса, профессор, дастур бошланиш арафасида турибди. Жаноб Киршнинг тақдимоти ёқади, деб умид қиламан. Сизга кейинроқ ҳамроҳлик қиламан.
Қисқа тиқирлаш эшитилиб, Уинстон билан алоқа узилди.
Лэнгдон кириш эшикларига яқинлашаркан, қулоқчинни ечиб, костюмининг чўнтагига солиб қўйди. Сўнг шошганча меҳмонларнинг сўнгги оқимига қўшилиб, намойишлар залига кирди. Унинг ортидан эшиклар ёпилгани эшитилди.
Ичкарида Лэнгдон яна бир бор ўзини кутилмаган жойда кўрди.
“Тақдимотни тик туриб томоша қиламизми?”
Лэнгдон тақдимот деганда одамлар кенг жойдаги қулай ўриндиқларга ўрнашиб, Эдмонднинг янгилигини бемалол эшитишини тасаввур қилганди. Ҳозир у кирган жой тик оёқда турган уч юз чоғли меҳмон билан тўлганди. Намойишлар залида на бир санъат асари ва на бир ўриндиқ топиларди – фақат девор яқинида минбар ва унинг ёнида катта LCD экран бор эди. Экранда қуйидаги сўзлар порлаб турарди:
Жонли эфир 2 дақиқаю 07 сониядан сўнг бошланади.
Лэнгдоннинг юраги ҳаприқиб кетди ва экрандаги матннинг давомини ўқишга тутинди. Сўнг кўзларига ишонмай, яна бир карра қайта ўқиди:
Бизни кузатаётган томошабинлар сони:
1,953,694 та
“Икки миллион одам?”
Кирш тақдимотини онлайн тарзда намойиш этмоқчилигини айтганди, аммо юқоридаги рақамлар ақл бовар қилмас даражада эди. Ҳар сонияда томошабинлар сони ошиб бораётганди.
Лэнгдоннинг чеҳрасига табассум ёйилди. Шогирдининг ишлари чакки эмас. Ҳозир унинг миясида ягона савол айланарди: “Эдмонд нимани эълон қилмоқчи ўзи?”