Еттинчи боб

Мавсум ўз поёнига яқинлашаётганди, атрофдагиларнинг барчаси кетишга тайёргарлик кўришаётганди. Стрикленд хоним оиласи билан Норфолкка кетишга ҳозирланаётганди. У ерда болалари денгиз ҳавосидан баҳра олишади, эри гольф ўйнайди. Биз у билан кузда учрашишга келишиб хайрлашдик. Лекин ўзим жўнаб кетишимдан олдинроқ хоним ва унинг болалари билан дўкон остонасида учрашиб қолдик. У ҳам худди мен сингари Лондондан жўнаб кетиш олдидан зарур нарсаларни харид қилаётган экан. Хоним ҳорғинроқ ва тутақиброқ тургандай туйилди. Мен уларга боққа кириб, музқаймоқ ейишни таклиф этдим. Стрикленд хоним, чамаси, ўз болаларини менга кўрсатиб қўйиш учун бўлса керак, таклифимга дарҳол кўна қолди. Унинг болалари эса суратдагига қараганда ҳам жозибалироқ экан, она ҳақли равишда улар билан фахрланарди. Мен ёш бўлганим учун уялишмас, кўнгилларига келган гапни айтишдан тортинишмасди. Улар ғоятда ёқимтой, бутун вужудларидан саломатлик анқиб турарди. Айни пайтда дарахт соясида ўтириш ҳам лаззатли эди. Орадан бирор соат ўтгач, хоним бир отли извошни чақириб жўнаб кетди, мен эса кунни ўтказиш учун клубга йўл олдим. Ўша куни кўнглимда қандайдир ғашлик бор эди, шунинг учунмикин, билмадим, ўзимда уларнинг осойишта оилавий ҳаётига маълум даражада ҳасад пайдо бўлганини сездим. Чамаси, уларнинг ҳаммалари бир-бирларини яхши кўришарди. Улар гапларининг орасига қандайдир сўзлар қўшиб қўйишар, бу сўзлар эса четдаги одамга ҳеч нарсани англатмас, лекин ўзлари бундан ҳузур қилиб кулишарди. Эҳтимол, Чарлз Стрикленд сўзлаш жозибаси жиҳатидан зерикарли одамдир, лекин унинг шахсияти ўзи яшаётган муҳитга мос эди. Шунинг ўзигина маълум муваффақиятгина эмас, балки бахт ҳам эди. Стрикленд хонимдек ажойиб аёл уни севарди. Мен уларнинг ҳеч нарса рахна солмаётган, ҳалол, тинч, осойишта кечаётган сермазмун ҳаётларини тасаввур қилиб кўрдим. «Улар умрларининг охиригача, то қариб-чириб кетгунларигача шундай, тинчгина ҳаёт кечирсалар, ўз фарзандларининг камолини кўрсалар, ўғиллари келажакда соғлом зурриётлар ҳадя этадиган яхшигина қизга уйланса, қизлари эса келишган ёш йигитга, ҳарбий одамга турмушга чиқса керак, деб хаёл қилдим. Ҳузур-ҳаловатда, фарзандлар ва набиралар қуршовида узоқ умр кўриб, бахтли ва фойдали ҳаёт кечириб, мангу уйқуга кетсалар керак» деган фикрга бордим. Кўпгина эр-хотинлар тарихи шу тарзда кечади. Бундай ҳаётнинг ўзига хос жозибаси, сеҳри бор.

Бундай ҳаёт кўм-кўк майсазорлар оралаб қуюқ дарахтлар тагидан жилдираб оқаётган, лекин денгизга бориб қуйилмайдиган, осойишта ирмоқчани эслатади. Лекин денгиз шу қадар осойишта ва бефарқки, беихтиёр қалбингга тўсатдан қандайдир ғам-андуҳ кириб олади. Эҳтимол, бу нарса ўша вақтлардаёқ маълум бўлиб, шахсиятимдаги ўзига хос ғалатилик нишонасидир. Кўпчиликнинг бундай қисмати ҳамма вақт менга чучмал туйиларди. Мен бунинг ижтимоий қимматини, инсонни бахтиёр этишдаги ўрнини эътироф этардим-у, қайноқ қоним эса қандайдир бошқача, исёнкорона ҳаётни қўмсарди, шекилли. Бундай табиий қувончлар негадир мени чўчитарди. Менинг юрагим хавф-хатарга тўла ҳаётга интиларди. Умр йўлимда сув ости қояларию хиёнаткор саёзликлар учраса ҳам майли, лекин у бир текисда, зерикарли ўтмасин, токи кутилмаган, тўсатдан пайдо бўладиган қувончни англаш имкони бўлсин.

СкороКнижный режим