Иккинчи боб

Чарлз Стрикленд тўғрисида шу қадар кўп нарса ёзилганки, менинг ҳам у ҳақида бирон нима қоралашим жоизмикин, деб ўйлаб қолдим. Унинг ўз асарлари рассомга қўйилган ҳайкалдир. Шу нарса ростки, мен уни бошқаларга қараганда яқиндан биламан. Илк маротаба уни рассом бўлмасидан илгарироқ кўрганман. Парижда ночор ҳаёт кечирган пайтларида ҳам тез-тез кўриб турардим. Шундай бўлишига қарамасдан, уруш тасодифлари туфайли қисмат мени Таитига улоқтириб ташламаганда ҳеч қачон у тўғрисида ёзмаган бўлардим. Маълумки, рассом ҳаётининг охирги йилларини ўша жойларда ўтказган. Мен Таитида уни яқиндан билган бир қанча одамлар билан танишдим. Шундай қилиб, менда ҳозиргача нисбатан унинг мавҳумроқ бўлиб қолаётган фожиали ҳаётининг ўша даврини маълум даражада ойдинлаштириш имконияти туғилди. Агар кўпчилик ҳисоблаганидек, Стрикленд чиндан ҳам улуғ рассом бўлса, у билан деярли ҳар куни кўришиб турган одамларнинг фикрини эшитиш қизиқарлидир. Тўғрисини айтсам, бундай изоҳларга зарурият бормикин ўзи! Кимлиги хотирамда йўқ-ку, аммо қайсидир донишманд одамлар руҳий мувозанатларини сақлаб туришлари учун кунига икки мартадан ўзлари ёқтирмаган ишни бажариб туришлари лозим, деган экан. Шахсан мен бу топшириқни аниқ бажаряпман, ҳар куни ўрнимдан тураман ва ҳар куни ўрнимга ётаман. Табиатан тарки дунёчиликка мойилроқ одам бўлганим учун ҳар ҳафтада ўзимни яна бундан ҳам оғирроқ азобни бажаришга мажбур этаман – «Тimes» адабий иловасини ўқийман. Сон-саноқсиз чиқаётган бундай китобларнинг қайси бирлари яшаб қоларкин, муваффақият қозонаркин? Агар муваффақият қозонса ҳам узоққа бормаса керак. Бундай китобларнинг муаллифи тасодифий ўқувчини бирор соат овунтириш, сафарга отланганларни йўлдаги зерикишдан қутқариш учун қандай изтиробларни бошдан кечирганию қанча тажрибалар ўтказгани ёлғиз Оллоҳга аён. Агар бундай асарларга ёзилган тақризларга қараб мулоҳаза юритилгудай бўлса, уларнинг аксарияти яхши ёзилган, уларда жуда яхши фикрлар ифодаланган, баъзилари эса бутун умр мобайнида қилинган меҳнатнинг натижаси. Айтилганлардан шундай хулосага келаманки, ёзувчи фақат иш жараёнида юк бўлиб турган фикрларидан қутулгани учунгина таскин топгани, асар тўғрисидаги яхши ва ёмон гапларга ҳам, унинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлигига ҳам бепарво бўлиб қолгани маъқул. Лекин уруш бошланиши одамлар орасида янгича муносабатлар ҳам пайдо бўлди. Ёшлар бизнинг давримизда тилга олинмайдиган маъбудга сиғина бошлашди. Биздан кейинги авлод қайси йўлдан кетиши эндиликда маълум бўлиб қолди. Тиниб-тинчимас ва ўз кучини биладиган ёш авлод эшикни чертиб ўтирмайди, тўғридан-тўғри уйга кириб ўрнимизга ўтиради қўяди. Уларнинг қийқириғидан ҳамма ёқ ларзага келади. Кексалар ёшларнинг қилиқларига тақлид қилишиб, ҳали даврлари ўтмаганлигига ўзларини ишонтирмоқчи бўлишади. Улар ёшлар билан бирга жўровоз бўлишга интилишади, лекин уларнинг оғизларидан жанговар ҳайқириқ эмас, мунгли нола чиқади. Улар пардоз билан ўзларининг аввалги ёшликларини қайтармоқчи бўлган кекса сатангларни эслатади. Эслироқлари эса қадр-қимматларини билган ҳолда ўз йўлларидан оғишмай кетаверадилар. Уларнинг истеҳзоли табассумларида бир вақтлар бизлар ҳам худди сизлардек эдик, тез орада сизлар ҳам ўз ўрнингизни янги авлодга бўшатиб берасизлар, деган маънони уқиш мумкин бўлади. Ҳеч қачон сўнгги сўз айтилмайди. Ниневия шон-шуҳратга кўмилган пайтда бошқа кўпгина жойлар таназзулга юз тутаётганди. Гапираётганларга худди янгидай туйилаётган сўзлар кўпинча бошқалар томонидан худди ўша оҳангларда юзларча маротаба айтилган бўлади. Маятник орқага ва олдинга тебраниб туради. Ҳаракат муқаррар равишда доира бўйлаб содир бўлади. Баъзан одам ўз давридан нарироқ ўтиб, ўзга даврларда ҳам яшайди. Эндиликда Жорж Краббни ким эслайди? У ўз даврида ўта машҳур эди, ҳамма даҳо сифатида тан олганди. У Александр Попнинг шогирди бўлиб, маснавий йўсиндаги ахлоқий ҳикоялар ёзарди. Лекин Францияда революция рўй берди, кейин Наполеон урушлари бошланди, шоирлар янги қўшиқлар айтишга тушишди. Крабб эса маснавий усулидаги ахлоқий ҳикоялар ёзишда давом этди. Айтиш мумкинки, у дунёни ағдар-тўнтар қилиб юборган ўспиринларнинг шеърларини ўқирди ва буларни сафсата, деб ҳисобларди. Албатта, бу шеърлардаги жуда кўп гаплар ҳақиқатга тўғри келмасди. Лекин Китс ва Вордсворт қасидалари, Колрижнинг қатор достонлари, айниқса, Шелли асарлари башариятга руҳнинг ҳали номаълум жиҳатларини кашф этди. Жаноб Крабб ўлгудай тентак эди, у ҳамон маснавий йўлида дидактик тарихларни ёзишда давом этди. Мен гоҳида ёшлар ижодини ўқиб тураман. Эҳтимол, жўшқин Китс ва кўтаринки руҳдаги Шелли инсоният асрлар мобайнида эсда тутадиган янги ижод намуналарини эълон қилишгандир. Билмадим… Улар ўз қаламлари остидан чиқаётган асарлар устида заргарона ҳафсала билан ишлашларига қойил қоламан. Услубларининг мукаммаллигига ҳайратланаман. Лекин уларнинг сўз бойликлари (чамаси, улар болаликларида Роженинг «Луғат»ини роса ўқишган бўлса керак) менга ҳеч нарсани англатмайди. Назаримда, улар ҳаддан ташқари кўп нарса билишадигандай, лекин буларни юзакироқ ҳис этишадигандай туйилди. Елкамга қоқиб самимий эркалатишларини ҳам, ҳаяжондан кўкрагимга ўзларини ташлашларини ҳам ёқтирмайман. Уларнинг эҳтирослари менга жуда мажмағил, орзулари эса мароқсиз туйилди. Мен уларни ёқтирмайман. Чунки мен бошқа давр одамиман. Мен ҳамон маснавий шаклидаги дидактик тарихларимни битавераман. Лекин буларни фақат ўзимни овутиш учунгина қилганимда тентак бўлар эдим.

СкороКнижный режим