Йигитча, сен бойсан

Стив Жобснинг пулга бўлган муносабати миллионер бўлишидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам ҳар доим мураккаб бўлиб келган. Жобс ўз ихтироларини бепул улашишга тайёр дўсти Вознякнинг ихтиролари шарофати билан бойиб кетган идеалист ва хиппи эди ҳамда Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилган ва ўз бизнесини яратишни ўз вазифаси деб билган дзен-буддист эди. Қандайдир ғайриоддий тарзда у барча ушбу хислатларни ўзида мужассамлаштира оларди, шунинг учун бири бошқасига халақит бермасди.

Унга айрим нарсалар ёқарди, айниқса, энг сифатли “порше” ва “мерседес” автомобиллари, Henckel пичоқлари, Braun маиший техникаси, BMW мотоцикллари, Ансел Адамс фотосуратлари, Bosendorfer пианиноси ва Bang & Olufsen овозли аппарати. Лекин у яшаган уйлар, унинг бойлигига қарамай, жимжимадорлиги билан ажралиб турмасди, шу қадар одми эдики, ҳатто шейкер ҳам уялган бўларди. Ўшанда ҳам, кейин ҳам у дабдабасиз саёҳат қилди, хизматкорлар ёлламади, унинг ҳатто соқчилари ҳам йўқ эди. Қимматбаҳо автомобиллар сотиб оларди, лекин уларни ўзи бошқарарди. Марккула икки кишилик Learjet самолётини сотиб олишни таклиф қилганида, у рад этганди (лекин охир-оқибат Apple’дан шахсий Golfstream’ни талаб қилди). Отаси каби Стив ҳам ҳар бир цент учун савдолашарди, лекин фойдани кўзлаб, ҳеч қачон маҳсулот сифатидан воз кечмасди.

Apple очиқ акциядорлик жамиятига айланганидан кейин ўттиз йил ўтгач, у кутилмаган бойлик унга қандай таъсир қилгани ҳақида шундай фикрлайди:

“Мен ҳеч қачон пул ҳақида ўйламаганман. Мен ўртамиёна оилада катта бўлганман ва оч қолмаслигимни аниқ билардим. Atari’да мендан яхши муҳандис чиқишини ва доим ўз нонимни топиб кетишимга қодирлигимни тушундим. Университетда ва Ҳиндистонга саёҳат қилган вақтимда мен онгли равишда камбағал яшашни танладим, мен ҳатто ишлашни бошлаганимда ҳам жуда оддий яшадим. Мен камбағал эдим ва бу ажойиб эди, чунки пул ҳақида ўйлашимга тўғри келмасди, кейин эса мисли кўрилмаган даражада бойиб кетдим ва ўшанда ҳам пул ҳақида ўйламадим. Мен Apple’даги ҳамкасбларимни кузатдим, улар бойиб кетгач, турмуш тарзини ўзгартириш керак деган қарорга келишарди. Уларнинг айримлари “роллс-ройслар” ва ҳашаматли уйлар сотиб олар, хизматкор ёллар, кейин эса хизматкорларга қўшимча бошқарувчилар ёлларди. Уларнинг аёллари пластик операциялар қилар ва қўғирчоқларга айланиб оларди. Мен бундай яшашни хоҳламасдим. Бу ахир тентаклик-ку. Ва мен ўзимга пул мени бузмайди деб сўз бердим”.

Лекин Стивни саховатпеша деб ҳам айтиб бўлмайди. У бир вақтлар хайрия жамғармасига асос солганди, лекин жамғарма директори билан гаплашиш унга ёқмаслигини тезда тушунди. Уни ўзи ёллаганди, у ҳар доим хайр-эҳсон қилишнинг янги усуллари ва қандай қилиб “фойдали эхсон қилиш” ҳақида гапираверарди. Жобс ўзининг сахийлиги билан мақтанадиганларга нафрат билан қарарди ёки хайрия ишларига янгилик олиб кира оламан деб ўйлаганди. У қашшоқлар чалинадиган касалликларга қарши курашиш учун Seva Foundation жамғармасининг очилишига беш минг долларлик чекни билдирмай Ларри Бриллиантга юборади ва ҳатто директорлар кенгашига киришга ҳам рози бўлади. Лекин йиғилишлардан бирида Режис Маккенна агентлигига пиар-лойиҳаларни бериш ва молиялаштиришнинг янги манбаларини излаш борасида машҳур врач билан баҳслашиб қолади. Бу охири Жобс жаҳли чиқиб, ҳўнграб юбориши билан тугайди. Бриллиант билан улар Seva учун Grateful Dead берган хайрия концерти саҳна ортида ярашиб олишади. Лекин илк акциялар оммавий таклиф қилинишидан кейин Бриллиант ва директорлар кенгашининг бир нечта аъзоси, жумладан, Уэйви Грей ва Жерри Гарсиа Apple’га хайр-эҳсон илтимоси билан келганида Жобс уларни очиқ юз билан кутиб олмайди. У пул ўрнига Seva Непалда кўзи ожизлар муаммолари бўйича ўтказмоқчи бўлган тадқиқотда жамғармага совға қилинган VisiCalc дастури ўрнатилган Apple II компьютеридан фойдаланиш усулларини таклиф қилади.

Энг қимматбаҳо совғани Жобс Пол ва Кларага, ўз ота-онасига атаганди. Уларга Жобс 750 минг долларлик акцияларни совға қилди. Бир қисмини улар Лос-Альтосдаги уй қарзини тўлаш учун сотиб юборди, бунинг шарафига базм уюштиришди. Жобс уларни кўргани келди. “Ота-онамнинг ҳаётида биринчи марта ипотека муаммоси йўқ эди, – деб эслайди у. – Улар базмга дўстларини таклиф қилишди. Ҳаммаси жуда яхши ўтди”. Лекин улар янги уй сотиб олганлари йўқ. “Уларга бунинг кераги йўқ, – дейди Жобс. – Улар шундоқ ҳам бахтли”. Бир йилда бир марта Princess Cruises компанияси уюштирадиган денгиз саёҳатига бориш – улар ўзларига эп кўрадиган ягона эркалик эди. Стивнинг сўзларига қараганда, Панама канали бўйлаб сузиш дадасида “катта таассурот қолдирган”, чунки у Пол уруш вақтида хизмат қилган кема Сан-Францискога келган даврни эслатарди.

Apple’нинг муваффақияти ортидан Жобс ҳам шуҳрат қозонди. Inc. журнали 1981 йилнинг октябрида Жобснинг илк фотосуратини чоп этди. Унинг сарлавҳаси шундай эди: “У бизнесни батамом ўзгартириб юборди”. Суратда жинси ва оқ қўйлак ҳамда ялтироқ пиджак кийган калта соқолли, узун сочли Жобс Роберт Фридланддан ўрганган гипнотик нигоҳ билан тўғри камерага боққанча Apple II’га таяниб турарди. Мақолада эса қуйидаги жумлалар келтирилганди: “Стив Жобс гапираётганида келажакни кўра оладиган ва уни ўз ҳаётида рўёбга чиқариш учун бор кучини сарфлайдиган одам сифатида унинг кўзлари ғайрат ва иштиёқ ўтида ёнади”.

1982 йилнинг февралида Time журнали ёш бизнесменлар ҳақида бир қатор мақолалар чоп этди. Журнал муқовасида китобхонга гипнотик нигоҳ билан қараётган Жобс сурати туширилган эди. Мақола муаллифи Стив “деярли бир ўзи шахсий компьютерлар тармоғини яратди” деб ёзганди. Унинг Майкл Мориц томонидан ёзилган қисқа таржимаи ҳолида шундай дейилганди: “26 ёшида Жобс бундан олти йил аввал ота-онасининг ётоғида ва гаражида асос солинган компанияни бошқармоқда, бу йил эса сотув ҳажми тахминларга кўра 600 миллион долларни ташкил этиши керак… Баъзида Жобс раҳбар сифатида ходимларига қаттиқ ва қўпол муносабатда бўлади. У буни рад этмаган ҳолда шундай дейди: “Мен ўзимни бошқаришни ўрганишим керак”.

Шон-шуҳрат ва бойликка қарамай, Стив ўзини норасмий одам деб ҳисоблашда давом этарди. Стэнфордда талабалар билан учрашувда у Wilkes Bashford дўконидан сотиб олинган оёқ кийими ва пиджагини ечиб, йога билан шуғулланаётган одам шаклида столга ўтириб олди. Тингловчиларнинг Apple акциялари нархи қачон кўтарилади деган саволларини Жобс индамай эътиборсиз қолдирди. Бунинг ўрнига тармоқнинг келажаги ҳақида фикр юритди, бир куни китоб билан тенг компьютер яратишга умид қилаётганини айтди. Бизнес ҳақидаги саволлар тугагач, Жобс аудитория билан роль алмашди ва мулойим бўлиб ўтирган тингловчилардан “Орангизда бокиралар нечта?” деб сўради. Асабий кулгу эшитилди. Сўнгра “Ким ЛСДни татиб кўрган?” деб сўради. Кулгу кучайди, бир ёки иккита одам қўл кўтарди. Кейинчалик Жобс янги авлодни манфаатпараст ва мансабпараст деб атайди. “Мен мактабда ўқиб юрган пайтимда олтмишинчи йилларнинг шовқини босилганди, унинг ўрнида пайдо бўлган ишбилармонлик ҳали куч тўпламаганди, – дейди Стив. – Ҳозирги талабаларга идеализм ёт бегона. Ҳеч бўлмаса, улар бизга ўхшаб руҳий изланишга интилмайди ва турли фалсафий масалаларга вақт сарфламайди, уларни фақат бизнес қизиқтиради”. Жобс ўз даврининг ёшлари бундай бўлмаган деб таъкидлайди. “Олтмишинчи йилларнинг идеалистик шамоли ҳали ҳам бизнинг елканларимизни ҳилпиратмоқда. Мен таниган тенгдошларимнинг кўпчилигидан буни йўқота олмайсиз”.

Шейкерлар – “Исо Масиҳнинг келишига ишонувчилар уюшмаси” (АҚШдаги протестант диний секта) аъзолари – тақводорлик ва камсуқум бўлиб яшаш тарафдорлари.
СкороКнижный режим